Американинг бир қутбли тизимни мустаҳкамлашга қаратилган ҳукмронлиги… Украина мисолида!!

Американинг бир қутбли тизимни мустаҳкамлашга қаратилган ҳукмронлиги… Украина мисолида!!

Бугунги кунда Украинада юз берган халқаро воқеа-ҳодисалар ва курашлар модели келажакда дунёнинг турли минтақаларида, Тайван ва Шимолий Корея каби шундай курашларга номзод мамлакатларда ёки Россиянинг сиёсий тизимидаги унга чегарадош давлатларда ҳам юз бериши мумкин. Бу кураш ва ҳодисалар модели ҳукмронлик, гегемонлик ва нуфуз учун йирик давлатлар ўртасидаги халқаро курашга ҳам боғлиқ албатта. Шунингдек, бу курашлар келажакда Украина минтақасига ёки ундан бошқа ерларга чекланиб қолмайди. Балки бундан бир мунча катта ишнинг, яъни давлатлар тузилмаси ва халқаро позициянинг давомчиси бўлади. Америка ўзининг барча сиёсий, иқтисодий ва ҳарбий салмоғи билан бу ишни кенгайтиришга уринади. Ўз навбатида, бошқа давлатлар ҳам бундай зўравонлик ва зулмдан қутулишга, иқтисодий, сиёсий ва ҳарбий гегемонликдан халос бўлишга уринишади. Бу ишларни тушунмоқ учун халқаро позицияни ва унинг ҳозирги табиатини, айниқса, Совет Иттифоқи парчаланган даврдан кейинги халқаро позицияни обдан ўрганмоқ лозим.

Халқаро позиция устидаги кураш деганда дунёдаги биринчи давлатнинг ва унга рақиб бўлган давлатларнинг позициясини назарда тутяпмиз. Бу эса, халқаро муносабатлар структурасида ва айни структурага таъсир ўтказувчи давлатларда ўз аксини топади. Ушбу позицияни тушунмоқ учун халқаро сиёсатда таъсир кучига эга давлатлар позициясини ўрганиб чиқиш керак. Уларнинг алоқа ва лойиҳаларини ҳамда дунёнинг биринчи давлати сифатида ёки унга рақиб бўлган давлатлар сифатида ўз позициясини сақлаб қолишдаги сиёсий фаолиятларини ҳам билиш керак. Шунингдек, ушбу давлатларнинг бошқа давлатлар билан бўлган алоқаларини ҳам англаш лозим. Улар иттифоқчи давлат бўладими ёки тобе давлат бўладими ёки бошқа давлатнинг сиёсати доирасидаги давлат бўладими, бунинг фарқи йўқ. Чунки буларнинг барчаси халқаро муносабатлар характерига, халқаро позициянинг шаклланишига ва улар бошдан кечираётган ёки уларнинг доирасида бўлган ўзгариш ва ҳолатларга таъсир қилади.

Халқаро позиция ёки катта давлатлар ўртасидаги халқаро алоқалар бир ҳолатда давом этмайди, балки доим ўзгариб туради. Гоҳида бу позиция сиёсий тузилмаларнинг бузилиши ва парчаланиши ортидан дарҳол вужудга келади, масалан, Совет Иттифоқи парчаланиши ва Варшава Шартномасининг бузилиши пайтида бўлгани каби. Гоҳида эса, то кристаллашиши ва шаклланиши учун узоқ вақт аччиқ, сурункали кураш олиб бориш керак бўлади, худди, Иккинчи Жаҳон урушидан сўнг Қўшма Штатлар ва Совет Иттифоқининг пайдо бўлиши каби, ёки шу кунларда Америка гегемонлигига қарши халқаро саҳнада бўлаётган ҳолатлар каби. Халқаро позиция ва халқаро муносабатлар структураси тушунчасининг қисқача изоҳи мана шу.

Дарҳақиқат, Иккинчи Жаҳон урушидан сўнг халқаро позиция янгича қиёфада ва янги йирик кучлар билан шаклланди. Унда Америка НАТО етакчиси сифатида, Россия Варшава Шартномаси етакчиси сифатида намоён бўлишди. Бу қиёфа – иттифоқ сиёсати ва совуқ уруш, деб аталган сиёсатга қарамай – 1990 йилга қадар давом этди. Яъни Варшава Шартномаси парчаланиб, халқаро позицияда иккинчи йирик давлат сифатида намоён бўлган шарқий лагер кучи ва нуфузи ниҳоясига етди. Америка ушбу улкан воқеадан сўнг халқаро позицияда, дунё сиёсатини ва сиёсий харитасини чизишда ҳамда халқаро масалаларга бевосита таъсир ўтказишда гегемон давлат сифатида намоён бўлди. Ушбу Варшава Шартномаси қулаганидан кейинги босқичда Америка халқаро ва минтақавий можароларни ҳал қилишда шу даражага етдики, дунёнинг кўплаб минтақаларида, жумладан Ироқ, Афғонистон, Сербия, Корея ва бошқа минтақаларда содир бўлгани каби ҳарбий, сиёсий ва иқтисодий жиҳатдан бутун дунёни ўзига жалб қилди. Унинг такаббурлиги «ким биз билан бўлмаса, у бизга қаршидир», дейдиган даражага етди!! Американинг такаббурлик ва зўравонлиги фақат заиф давлатлар билангина чекланиб қолмади, балки таҳқирловчи шартлар билан ҳарбий ва сиёсий келишувларни зўрлаб тиқиштириш бўйича Хитой, Россия каби катта гигант давлатларга ҳам зўравонлик қиладиган бўлди. Бунга Россия ядро арсеналининг бир қисмини йўқ қилиш масаласини, Тайван ва Жанубий Хитой денгизи мамлакатлари ва бошқа ерлар масаласини ҳамда айрим постсовет давлатларига ҳарбий базалар қуриш масаласини мисол қилиш мумкин.

Американинг ҳарбий, иқтисодий, сиёсий жиҳатдан кучлилиги ва сиёсий нуфузининг кенглиги ҳамда малайларининг кўплиги бундай гегемонликни ўрнатишга кенг йўл очди. Дунёда адолатсизлик ва сиёсий, иқтисодий, ҳарбий такаббурлик ҳаддан ошди. Оқибатда бу кўплаб катта давлатларнинг хусусан иқтисодий устунликда ҳамда бозорлар ва нефть каби муҳим товарлар устидан ҳукмронлик масаласида безовталик ва норози бўлишига олиб келди. Дарҳақиқат, Америка халқаро позициядаги ўз гегемонлигини кенгайтиришга, ушбу позицияга ёриб кириш ёки уни ўзгартиришга бўладиган ҳар қандай уринишга қарши қаттиқ ҳаракат қилди ва ҳамон ҳаракат қилмоқда. Бунинг учун кўплаб ишлар олиб борди ва ҳануз олиб бормоқда… Улардан баъзилари:

1 – Дунёдаги асосий валюта сифатида АҚШ долларининг ҳукмронлигини сақлаб қолиш ҳамда долларни барча валюталар учун қоплама қилишга ва савдо алмашувининг асосий воситаси сифатида – хусусан, нефть нархи ва компаниялар билан тузиладиган шартномаларда – доллар билан муомала қилишга дунё давлатларини мажбурлаш.

2 – Давлатлар ва иттифоқлар, айниқса, Европа Иттифоқи ўртасидаги яқинлашувга қарши ҳамда Россия билан Хитой ва Шимолий Корея билан Хитой ўртасидаги ҳамкорликка қарши кураш.

3 – Асосий товарлар устидан глобал иқтисодий ҳукмронлик ўрнатиш, дунё бозорларини, хусусан, нефть, электроника, тиббиёт ва фармацевтика бозорини монополия қилишга уриниш.

4 – Дунё давлатларининг аксарида, хусусан, исломий юртларда Америкага малай бўлган ҳукмдорлар зулмидан қутилишга ҳаракат қилган халқларга қарши туриш.

5 – Хоҳ йирик давлатлар бўлсин, хоҳ заиф давлатлар бўлсин, фарқсиз, бутун дунёнинг кўплаб минтақаларида ҳарбий базалар қуриш ва ҳарбий арсеналларини жойлаштириш. Масалан, Европа давлатларига ракета тизимини жойлаштириш ва мустақил постсовет давлатларидан айримларида ҳарбий базалар қуриш каби.

6 – Дунёнинг у ёки бу ерларидаги малайлари ва йирик ширкатлари орқали қасддан глобал иқтисодий кризислар келтириб чиқариб, молия бозорларига зарба бериш. Мақсад, давлатлар иқтисодиётини вайрон қилиш ва ҳалокат ёқасига келиб қолганларни Америкадан ёрдам сўраб, мурожаат қилишга мажбурлаш.

7 – Шантаж қилиш ва оламни ўзининг сиёсий манфаатига хизмат қиладиган урушларга тиқиш, Афғонистон ва Ироқ уруши каби.

8 – Ўзининг сиёсатига зоҳиран ёки реал қарши чиққан давлатларга санкциялар қўллаш. Масалан, Эронга ва Шимолий Кореяга нисбатан илгари ва ҳозирда қўллагани каби ҳамда ҳозирда Украинадаги сиёсати сабабли Россияга қўллаётгани каби. Америка бу янги санкцияларни Хитойга ҳам – илгари қўллаган санкцияларига қўшимча равишда – қўллаши мумкин.

Булар Американинг хатти-ҳаракатларига мисоллардир. Америка ушбу ҳаракатлари орқали дунё устидан сиёсий ҳукмронлигини ва гегемонлигини сақлаб қолишга уринмоқда. Бир вақтнинг ўзида, кучаймоқчи бўлаётган ёки унинг ушбу сиёсий гегемонлигига исён қилмоқчи бўлаётган ҳар қандай кучни олдини олишга ҳаракат қиляпти.

Хўш, йирик давлатлар Американинг бу сиёсатларига бўйсундими, ўзининг иқтисодий ва сиёсий юкларини юклаш учун унга ўз белларини тутиб беришдими? Ёки дунё ушбу зўравон, гегемонлик қилувчи, баъзан мустамлака қилувчи унинг бундай авторитар сиёсатларидан зада бўла бошладими? Бу саволларга жавобан шуни таъкидлаймиз:

Ҳеч шубҳа йўқки, Европа Иттифоқи, Россия ва Хитой каби дунёдаги нуфузли давлатлар халқаро позицияда Америка билан ёнма-ён туриб қадам ташлашга ёки ҳамкорлик қилишга ёхуд таъсир ўтказишга интилишади. Қолган давлатлар бу даражага кўтарила олмаяпти, чунки улардаги малака-қобилият наф бермаяпти ва ҳозирги шароитда бу даражага уларни олиб чиқолмаяпти. Ҳақиқатда ҳам, бу давлатлар турли, янги-янги йўллар билан айни йўналишда ҳаракат қила бошлашди. Бунга ҳозирда Украина масаласида бўлаётган ҳолат мисол бўлади. Зоҳирда бу чегаралар учун курашга ёки минтақадаги тарихий ва этник кенгайишга ўхшаб кўринмоқда. Келинг, Россия билан Хитойнинг Америка гегемонлигига қарши туриш истакларини ва унинг чангалидан қутулишга уринишларини ўрганиб чиқайлик. Зеро, бу бизнинг Украина ва халқаро курашнинг янгиланиши мавзуимизга алоқадордир.

Россия Федерацияси ўзининг буюк мероси Совет Иттифоқи ва Варшава Шартномасини баъзи қўшма стратегик ва мудофаа шартномаларига алмаштирди. 2002 йил тузилган Коллектив Хавфсизлик Шартномаси Ташкилоти (КХШТ) шулар жумласидан. Американинг Афғонистонга уруш қилиши ортидан тузилган ушбу шартнома Белорусия, Арманистон, Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистон дохил баъзи собиқ постсовет давлатлар иштирокида тузилган. Россия, шунингдек, – ушбу мавзуда сўз юритаётганимиз – қўшниси Украина билан ҳам келишувлар тузган бўлиб, Украина эски тизимда Россия Федерациясидан кейинги иккинчи стратегик давлат саналади. Россия у билан 1991 йилда (Россия, Украина ва Белорусия ўртасида) Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги Конвенциясини имзолади. Кейин айрим Ғарб давлатларининг Украина масаласига аралашишлари ортидан Россия Украина билан 1994 йил иккинчи келишувни имзолади ва у Будапешт шартномаси, деб аталди. Ушбу шартнома талабига биноан, Украина ўзининг собиқ ядровий жанговар меросидан воз кечди. 1997 йил Россия Украина билан ҳамкорлик ва дўстлик шартномасини имзолади. Кейин 2003 йил Украина Россия, Белорусия ва Қозоғистон билан Қўшма иқтисодий зона ташкил этиш тўғрисида келишув имзолади. 2004 йилдан 2010 йилгача бўлган давр оралиғида Украина ҳукмдориятида бир қанча президентлар алмашди. Уларнинг баъзиси Россияга тобе бўлса, баъзиси Ғарбга тобе эди. 2010 йил қудратга Виктор Янукович келди ва 2013 йил Россия билан иқтисодий келишув имзолаб, Ғарбга орқа ўгирди. Бунинг ортидан Украинада кучли норозилик ҳаракати бошланиб кетди ва 2014 йил Януковичнинг Россияга кетиши билан тинчиди. Бунга Россия реакция сифатида Украинанинг бир қисми бўлган Қрим ярим оролини аннекция қилди (Донбас ҳам унинг бир қисми бўлиб, Украина шарқидаги саноат зонаси ҳисобланади). Бунинг оқибатида ўша пайтдаги G8 Россиянинг аъзолигини тўхтатиб қўйди. Кейин Россияга қарши илк санкциялар пакетини киритди. БМТ Бош Ассамблеяси референдуми ҳам, Қримнинг аннекция қилинишини рад этди. Шундан сўнг Украина билан айни минтақа ўртасидаги зиддиятни ҳал қилиш учун Россия ва Украина Минск шартномасини имзолашди. Аммо бу келишув қоғоздаги сиёҳлигича қолиб кетди ва ўша санадан то бугунги инқироз келиб чиққунига қадар ижро этилмади.

Аслида, АҚШ бошчилигидаги Ғарбнинг Украина масаласига аралашувидан мақсади на Украинага ва на унинг халқига хизмат қилишдир. Билъакс, бундан кўзланган мақсад, авваламбор Россия Федерациясига муаммолар туғдиришдир. Иккинчидан, Украинадан ўтувчи газ линиясини Ғарбнинг раҳмати ва ҳукмронлиги остида ушлаб туриш мақсад қилинган. Учинчидан, Россиянинг Ғарб олдидаги нуфузини кучайтирадиган иқтисодий ёки сиёсий ҳамкорликни ўрнатишига имкон бермаслик кўзда тутилган. Чунки бу каби шерикликлар Россияни кучайтиради ва Ғарб босимлари ва чекловларидан қутулишига ёрдам беради. Шу ва бошқа сабаблар туфайли Россия айни масалани ўзининг миллий хавфсизлик масаласи, деб билди ва бор кучи билан Ғарбнинг НАТО доирасида Украинага киришини олдини олишга ҳаракат қилди. Чунки бундан Россияга дўстлик қилиш ва унинг ёнида туриш ўрнига унга қарши душманга айлантириш кўзланганди. Бугунги кризисни Россия сиёсий тушунчалар ва кафолатлар доирасида ҳал қилишни таклиф қилди. Шунингдек, Россия бу тушунчалар ва кафолатлар келажакда Ғарбнинг Украинани НАТОга аъзо қилиш ёки Евроиттифоққа аъзо қилиш орқали ё бошқа сиёсий тўнтаришлар орқали ёхуд газ линиясига таҳдид қилиш орқали Украинага суқилиб киришининг олдини олади, деб билди.

Хулоса қилиб айтганда, Америка сиёсатлари арқонни бир учини тортмоқда, Россия иккинчи учини тортмоқда. Бу масала осон ҳал бўладиган сиёсий масала эмас. Айниқса, Россия ўз шартларини дипломатик ва сўзлашувлар орқали тиқиштиришга муваффақ бўлолмагач, энди ҳарбий куч билан тиқиштирмоқда. Россия Ғарбдан ўзини ҳимоя қилиш ва НАТОнинг ўз ҳовлисигача чўзилиб келишини олдини олиш учун Украинадаги ҳарбий таъсирини амалда кучайтира бошлади. То қайта сиёсий келишувлар бўлмагунча Россия бу йўлдан асло воз кечмайди. Чунки сиёсий келишувлар келажакда унга таҳдид туғилмаслигини таъминлайди ва Россиянинг ички тизимида НАТО базаларининг турли шаклда кенгайишини олдини олади ҳамда Россия газининг ўз қувурлари орқали Европага етказиб берилишини кафолатлайди.

Xитойга келсак, у ҳам Aмерика гегемонлиги қаршисида ўз мавқеини мустаҳкамлаш учун баъзи сиёсий ва иқтисодий лойиҳаларни бошлаб юборди. Бу лойиҳалардан асосийси Америкага рақобатбардош иқтисодий ўсишдир. Зеро, Хитой иқтисодиёти электроника, интернет дунёси ва бошқа жиҳатлар билан боғлиқ иқтисодиётнинг муҳим соҳаларига ёриб киришидан ташқари, бир неча баробар ўсиб кетди. Хитой, шунингдек, Американинг кучли ҳужуми қаршисида мустаҳкам туриш учун қўшни давлатлар билан стратегик ва иқтисодий алоқалар ўрнатди. Бу алоқаларнинг асосийси Америка Афғонистонга уруш бошлаганидан сўнг 2001 йилда Хитой билан Россия ўртасидаги стратегик шериклик шартномасини кейинги йигирма йилга узайтириш бўлди. Ушбу эски-янги шартномалардаги энг кўзга кўринган нарсалардан бири, бутун дунёнинг хавфсизлик манфаатларига зарар етказиши мумкин бўлган ҳарбий кенгайиш бўйича Aмериканинг режалари ва ҳаракатларига қарши чиқиш бўлса, яна бири икки томонлама ҳарбий ҳамкорликни қўллаб-қувватлашдир. Шунингдек, Россия билан муштарак мудофаа соҳасида: қачон таҳдид ва агрессия вужудга келган тақдирда икки томон уларни бартараф этишда ҳамкорлик қилади. Миллий суверенитет соҳасида: Хитой Россиянинг барча ҳудудлари устидан суверенитетини қўллаб-қувватлайди. Ўз навбатида, Россия ҳам Хитойнинг барча ҳудудлари устидан, жумладан Тайван устидан суверенитетини қўллаб-қувватлайди. Кейин 2022 йил олимпия ўйинлари чоғида Путин билан Си Цзиньпин ўртасида, яъни ҳозирги Украина кризиси вақтида ушбу шериклик қайта янгиланди.

Хўш, Россия билан Хитой халқаро позицияда АҚШга қарши мана шундай курашларда қай даражада олдинга силжий олишади? Американинг ушбу гегемонлигини синдира олишадими ёки Америка ўз такаббурлиги ва малайлари ёрдамида бу иккисини ўзининг шартларига ва очкўз ёвуз сиёсатларига тиз чўктирадими? Бу келаси қисқа йилларда маълум бўлади. Лекин, ушбу мавзу охирида таъкидлаш ва эслатиб ўтиш керак бўлган нарсалар мавжуд:

1 – Куфрда ахлоқ бўлмайди, унинг қарашлари лой ва балчиқ қадар разилдир, унда мусулмонларда мавжуд бўлган олий қадриятлар ҳам йўқ. Куфр дунёнинг ҳар қандай матоси учун қирғин қилишга ва душманлик қилишга доим тайёр, ҳатто душмани ўз жинсидан бўлиб, фикри ва мабдаи бир хил бўлса ҳам аямайди. Бу Аллоҳ Таолонинг ушбу каломида тасдиғини топган:

﴿وَٱلَّذِينَ كَفَرُواْ يَتَمَتَّعُونَ وَيَأۡكُلُونَ كَمَا تَأۡكُلُ ٱلۡأَنۡعَٰمُ وَٱلنَّارُ مَثۡوٗى لَّهُمۡ﴾

«Кофир бўлган кимсалар (мана шу ҳаёти дунёнинг ўткинчи лаззатларидан) фойдаланиб, чорва ҳайвонлари еганидек еб-ичурлар ва уларнинг жойлари дўзах бўлур!» [Муҳаммад 12]

ва яна айтади:

﴿َحۡسَبُهُمۡ جَمِيعٗا وَقُلُوبُهُمۡ شَتَّىٰۚ ذَٰلِكَ بِأَنَّهُمۡ قَوۡمٞ لَّا يَعۡقِلُونَ﴾

«Уларни бир деб ҳисоблайсиз-у, (аммо) диллари хилма-хилдир, бунга сабаб, уларнинг ақлсиз қавм эканликларидир» [Ҳашр 14]

2 – Бу кураш бизга Биринчи ва Иккинчи Жаҳон урушларини ва бу урушларда фақат арзимас разил мақсадлар учунгина башарият бошига тушган азоб-уқубатларни хотирлатмоқда.

3 – Аллоҳ Азза ва Жалла худди илгари Форс ва Румга «макр» қилганидек бу кофирларга ҳам Ислом давлати барпо бўлишидан олдин албатта «макр» қилади. «Макр» қилиб, Ислом нури қайта бутун оламга таралишидан олдин уларнинг тубан мабдаларини бутун инсониятга фош қилади. Аллоҳ Таоло бундай деган:

﴿غُلِبَتِ ٱلرُّومُ + فِيٓ أَدۡنَى ٱلۡأَرۡضِ وَهُم مِّنۢ بَعۡدِ غَلَبِهِمۡ سَيَغۡلِبُونَ + فِي بِضۡعِ سِنِينَۗ لِلَّهِ ٱلۡأَمۡرُ مِن قَبۡلُ وَمِنۢ بَعۡدُۚ وَيَوۡمَئِذٖ يَفۡرَحُ ٱلۡمُؤۡمِنُونَ + بِنَصۡرِ ٱللَّهِۚ يَنصُرُ مَن يَشَآءُۖ وَهُوَ ٱلۡعَزِيزُ ٱلرَّحِيمُ + وَعۡدَ ٱللَّهِۖ لَا يُخۡلِفُ ٱللَّهُ وَعۡدَهُۥ وَلَٰكِنَّ أَكۡثَرَ ٱلنَّاسِ لَا يَعۡلَمُونَ﴾

«Жуда яқин жойда Рум мағлуб бўлди. (Лекин) улар (яъни румликлар) бу мағлубиятларидан сўнг бир неча йил ичида албатта ғалаба қилажаклар. Аввалу-охир барча иш Аллоҳнинг (измида)дир. Ўша кунда мўминлар Аллоҳнинг нусрати сабабли шодланурлар. (Аллоҳ) Ўзи хоҳлаган кишига нусрат берур. У қудрат ва раҳм-шафқат эгасидир. (Бу) Аллоҳнинг ваъдасидир. Аллоҳ Ўз ваъдасига хилоф қилмас. Лекин кўп одамлар билмаслар»    [Рум 2-6]

Аллоҳ Таолодан куфрни куфр билан овора қилиб қўйишини, унинг мафкура ва давлатлари емирилишига буни муқаддима қилишини ҳамда Пайғамбарлик минҳожи асосидаги рошид Халифалик соясида ер юзида Ислом динини ғолиб қилишини ёлвориб сўраймиз.

Ҳамд Тобиб – Байтул Мақдис

Total Views: 78 ,

Добавить комментарий

Зеленский халқини нега Россия босқинидан огоҳлантирмаган?

Зеленский халқини нега Россия босқинидан огоҳлантирмаган? Агар Украина ҳукумати Россиянинг...

Закрыть