Америка ва Эрон ўртасидаги кескинликнинг асл моҳияти

بِسْمِ اللهِ الرَّحْمٰنِ الرَّحِيمِ

Саволга жавоб

Америка ва Эрон ўртасидаги кескинликнинг асл моҳияти

Савол:

Кутилмаганда, Америка Форс кўрфазидаги кучлари ва манфаатларига Эрон ва унга содиқ жамоаларнинг таҳдид солаётганини эълон қилди. Шундан сўнг, ҳарбий тайёргарлик даражасини ошириб, битта учоқ ташувчи кемаси билан бир неча ҳарбий кемаларини сафарбар қилди. Ҳатто ҳарбий денгиз шифохонасини ҳам юборди. Бу эса, Кўрфазда тўқнашув юз бериши эҳтимолини кучайтирмоқда. Бу ишлар Америка Эроннинг нефть экспортига зарба бериш мақсадида Эрондан нефть импорт қилувчи давлатларга енгиллик бериш сиёсатини бекор қилган бир вақтда содир бўлмоқда… Эрон ҳам Кўрфаз давлатларининг нефть экспортини тўхтатиб қўйиш учун Хурмуз бўғозини ёпиш билан таҳдид қилди… Минтақада таранглик ҳануз ҳукм сурмоқда! Шундай экан, минтақа АҚШ келтириб чиқарадиган бирор бир урушнинг муқаддимаси бўладими? Ёки бундан бошқа нарса кўзланганми? Аллоҳ ажрингизни берсин.

Жавоб:

Масала ёрқин бўлиши учун қуйидагиларни баён қилиб ўтамиз:

1 – Ҳа, ҳақиқатдан ҳам минтақада кескинлик кучаяётгани кузатилмоқда. Айтилишича, Америка у ерга ўзининг ҳарбий денгиз флотининг бир қисмини, шу жумладан «Линкольн» учоқ ташувчи кемасини жўнатди. Бу АҚШ эга бўлган бортида 90 нафар самолётни сиғдира оладиган энг кучли учоқ ташувчи кема ҳисобланади. Шунингдек, Америка ўзининг Кўрфаздаги базаларига «Boeing B-52» русумли самолётлар гуруҳини ҳам жўнатиб, минтақадаги кучлари ҳушёрлигини оширди. Бундан ташқари, Бағдоддаги элчихонасидан иккинчи даражали мулозимларини чақириб олди. Эслатиб ўтиш лозимки, буларнинг барчаси Эронга қарши таҳдидлар баробарида, тез суръат билан амалга оширилди: «Қўшма Штатлар Эронга «аниқ номаларни» етказиб қўйиш мақсадида Яқин Шарқ минтақасига ўзининг учоқ ташувчи кемасини жўнатди. АҚШ президентининг миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Жон Болтон ўз мамлакати «тобора кучайиб бораётган ва хавотир уйғотаётган қатор таҳдидларга жавоб» сифатида ҳаракат қилаётганини таъкидлади». Рейтер ахборот агентлигининг исмини ошкор этишни истамаган америкалик бир расмийга таянган ҳолда қилган хабарига кўра, Кўрфазга ҳарбий кема жўнатиш АҚШ кучларига қарши эҳтимолли ҳужумлар ҳақида хабарлар тарқалиши ортидан амалга оширилган. Болтон ўз баёнотида «Қўшма Штатлар «Авраам Линкольн» учоқ ташувчи кемаси билан бомбардимончи самолётларини марказий қўмондонлик ҳудудига жойлаштирди. Бундан АҚШ ёки иттифоқчиларимиз манфаатига бўладиган ҳар қандай ҳужум шафқатсиз куч билан қарши олинишини Эронга билдириб қўйиш мақсад қилинган», деди». (Би-Би-Си, 2019 йил 6 май). Ҳақиқатдан, учоқ ташувчи кема 2019 йил 9 май куни Сувайш каналига кириб, 2019 йил 14 май куни Араб денгизи сувларига етиб борди. Оммавий ахборот воситаларида Қўшма Штатларнинг «минтақага 120 минг нафар аскар жўнатмоқчи экани, АҚШнинг муваққат мудофаа вазири Патрик Шэнахэн айни режани Трампга таклиф қилган бўлса-да, бироқ АҚШ президенти унга рози бўлмагани», ҳақида хабарлар тарқалди. (Нью-Йорк Таймсга таянган ҳолда берилган RT хабари, 2019 йил 14 май). Буларнинг барчаси Эроннинг эҳтимолли таҳдидлари манзарасида юз берди: «CNN канали 7 май куни ўз манбаларига таянган ҳолда берган хабарга кўра, АҚШ ҳукумати Эроннинг Кўрфаздаги ўз кемаларига қисқа масофага учувчи баллистик ракеталарни жойлаштиришга қарор қилганини тасдиқловчи разведка маълумотларини олган». (RT, 2019 йил 14 май).

2 – Американинг вазиятни фақат баёнотлар билангина кескинлаштирмай, балки бунданда каттароқ нарса билан кескинлаштиришига ундаган нарса бор. Гап шундаки, Бирлашган Араб Амирликларининг Фужайра порти яқинида тўртта савдо кемасига шикаст етказилди ҳамда Саудиянинг муҳим нефть тармоқларига ҳужум қилинди. Бу қуйидагича юз берди:

а) «Бугун якшанба куни Бирлашган Араб Амирликлари ташқи ишлар вазирлиги тарқатган хабарга кўра, тўртта савдо кемаси Бирлашган Араб Амирликларининг регионал сувлари яқинида қўпорувчилик амалиётига учради, инсоний талофатлар бўлмади. Ушбу воқеалар, АҚШнинг Эронга босимлари кучайган бир пайтда содир бўлмоқда. Илгарироқ Эрон президенти Руҳоний ўз мамлакати амалда оғир бир вазиятга дуч келаётганини эътироф этган эди». (Мидл Ист онлайн, 2019 йил 12 май).

б) «Сешанба куни Ямандаги Ансоруллоҳ жамоаси учувчисиз бошқариладиган самолётлар ёрдамида Саудиянинг муҳим иншоотларига ҳужум қилганини хабар қилди. Масира каналига кўра, Ансоруллоҳ жамоасидаги бир ҳарбий манба «еттита учувчисиз бошқариладиган самолёт Саудиянинг муҳим иншоотларига ҳужум қилган»ини тасдиқлаган. Ушбу манба «Бу кенг кўламли ҳарбий амалиёт халқимиз фарзандларига қарши тинимсиз равишда содир этилаётган агрессия ва қамалларга жавоб сифатида амалга оширилди», деди. Кейин «Агар агрессия ва золимона қамаллар давом этаверадиган бўлса, Ансоруллоҳ жамоаси бу турдаги кескин забарларни яна-да кўпроқ амалга оширишга тайёрдир», дея қўшимча қилди. (Россиянинг Спутник ахборот агентлиги, 2019 йил 14 май). Ушбу икки ҳодиса билан АҚШ баёнотлари Кўрфазда кучли таъсир кўрсатадиган муқаррар хавфга айланди. Шунингдек, Американинг Кўрфаздаги вазиятни кескинлаштириши илгарги бу каби ҳолатлардан фарқ қилди.

3 – Гарчи Кўрфаз минтақасидаги бу кескинлик у ерда уруш эшик қоқаётганидан дарак бераётган бўлса-да, лекин икки томон (АҚШ ва Эрон томони)дан берилган баёнотлар бошқа нарсани, яъни, уруш бўлиши эҳтимоли узоқ эканини кўрсатмоқда! Қуйидагилар ана шундай баёнотлар жумласидан:

– «Пайшанба куни Оқ уйдаги матбуот йиғинида – Қўшма Штатлар Эронга уруш қилишни мақсад қиляптими, деган мазмундаги саволга Трамп «Мен Эрон уруш қилмайди», деган умиддаман, дея жавоб берди». (RT, 2019 йил 16 май).

– «Пайшанба куни АҚШ Вакиллар палатаси спикери Нэнси Пелоси – Яқин Шарқда кескинлик тобора авж олаётган бир пайтда, Трамп маъмурияти Эронга уруш очиш учун конгрессдан бирор ваколат олгани йўқ, деди. Пелоси журналистларга жумҳурият маъмурияти пайшанба куни саккизлик йиғини дея аталаётган катта намояндаларнинг ёпиқ мажлисида Эрон хусусида жавоб беражагини маълум қилди». (Рейтер, 2019 йил 16 май).

– «Нью-Йорк Таймс газетаси пайшанба куни АҚШ маъмуриятидаги исми очиқланишини истамаган бир расмийга таянган ҳолда хабар қилишича, президент Дональд Трамп муваққат мудофаа вазири Патрик Шэнахэнга Эрон билан урушга киришни истамаслигини маълум қилган. Газетада президентнинг бу изоҳни Шэнахэнга чоршанба кечқурун маълум қилгани айтилади». (Рейтер, 2019 йил 16 май).

– «Эрон Олий руҳонийси Оятуллоҳ Али Ҳоманаий Қўшма Штатлар билан ҳаргиз уруш бўлмаслигини таъкидлади. У ҳукумат матбуоти тарқатган баёнотда ҳамда ижтимоий тармоқдаги ўзининг твиттер саҳифасида «Биз уруш қилишга уринаётганимиз йўқ, улар ҳам бунга ҳаракат қилишмаяпти», деди». (Би-Би-Си, 2019 йил 14 май).

– «АҚШнинг муваққат мудофаа вазири Патрик матбуот конференциясида АҚШ маъмуриятининг араб Кўрфазидаги ҳарбий жойлашувидан мақсади Эронни тийиб қўйишдир, унга қарши урушга киришиш эмас, биз уруш қилиш даражасига борадиганлардан эмасмиз, деди». (Франс-24, 2019 йил 22 май).

АҚШ билан Эрон томонидан айтилган бу баёнотлар оммавий ахборот воситаларида айтилган АҚШ ва Эрон ўртасидаги урушга нисбатан катта шубҳани пайдо қилади. Бу шубҳани пайдо қилган биринчи навбатдаги баёнот Эрон руҳонийсининг баёноти бўлди. У ўз халқини Эрон ҳам, америкаликлар ҳам урушга ҳаракат қилмаётгани билан тинчлантирди. Яъни, ушбу баёнотлардан келиб чиқиб айтадиган бўлсак, Эронни вайрон қилиш ёки Кўрфаздаги АҚШ кемаларини вайрон қилиш билан юзага келадиган урушнинг юз бериши эҳтимолдан узоқдир. Фаразан, ҳарбий амалиётлар юз берган тақдирда ҳам, бу икки томоннинг обрўсини тиклаш учун қилинган бўлади, холос. Бундан ташқари, америкалик расмийлар томонидан Америка Эрондаги режимни ўзгартиришни истамайди, деган мазмунда бир қанча баёнотлар берилди. Масалан, АҚШ президентининг миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Жон Болтон «Биз сиёсатимизни Эрондаги режимни ўзгартиришга эмас, балки уни ўз хатти-ҳаракатини тўғрилаб олишга мажбурлашга қаратганмиз», деди. (Дастур сайти, 2018 йил 3 октрябр).

4 – У ҳолда, минтақадаги вазиятнинг кескинлашиши ва таранглашиши сабаблари нима? Бунинг жавоби шуки, воқега диққат билан назар ташланса, улар учта экани маълум бўлади:

Биринчи сабаб, Жаҳон нефть бозорлари: нефть масаласида Американинг бугунги ҳолати ўн йил аввалги ҳолатидан фарқ қилади. Гап шундаки, унинг сланец нефть қазиб чиқариш технологияси ўсиб кетди. Ўзи нефть импорт қилувчи давлат бўлишига қарамасдан, ўз нефтини экспорт қилишга рухсат берди. Хитой ўзининг АҚШ билан бўлган савдо-сотиқ камомади муаммосини ундан нефть импорт қилишни ошириш билан ҳал қиладиган бўлди. Бир вақтнинг ўзида, Америка Форс Кўрфази давлатларидаги айниқса, Саудиядаги арзонгаров ҳукмдорлардан арзон нефтни импорт қилишда давом этмоқда. Зеро, Саудиянинг нефть пуллари Америкада тўпланиб турибди. Ўзи эса, уларни чиқариб ололмай, қарзга ботяпти, фондлари ҳам суверен эмас. Балки унинг фондидан фақат Америка наф кўряпти. Ушбу воқеликдан келиб чиқиб айтиш мумкинки, Америка Эронга босим қилиш орқали ҳамда нефть экспорт қилишдан уни маҳрум этиш билан дунёдаги нефть баҳосини кўтариб олмоқчи ва бундан ўзи фойда кўради. Зеро, нефть баҳосининг ошиши сланец нефть қазиб олиш харажатларига мос келади. Халқаро Энергия Агентлиги нефть етказиб бериш прогнозидаги чалкашликнинг тобора кучаяётгани ҳақида сўз юритмоқда. У шунингдек, Эрон ва Венесуэланинг нефть экспортининг пасайиши ўрнини Америка тўлдиришга қодирлигини айтмоқда: «Чоршанба куни Халқаро Энергия Агентлиги бу йил дунё бозорининг ОПЕКдан озгина кўпроқ миқдорда нефть талаб қилишини таъкидлади. Чунки АҚШнинг нефть ишлаб чиқаришни қайта йўлга қўйиши Эрон ва Венесуэла экспортидаги камайишни ўрнини босади». (Рейтер, 2019 йил 15 май). «Шу ҳафтада АҚШ энергия маъмурияти Америкага қарашли етти нафар асосий сланец нефть қазиб чиқариш станциясининг июн ойида кунига 8.49 миллион баррел нефть ишлаб чиқариш билан рекорд даражага кўтарилишини маълум қилди». (Рейтер, 2019 йил 17 май). Демак, АҚШ нефть компаниялари Кўрфаздаги кескинлик сиёсати манзарасида имкон борича кўп нефть ишлаб чиқаришни оширишяпти ҳамда санкциялар орқали Эроннинг нефть ишлаб чиқаришини орқага кетишга мажбур қилишмоқда.

Ҳаммасидан ҳам муҳими, нефть танкерлари ва иншоотларининг вайрон қилиниши баробарида вазият Америка томонидан кескинлаштирилаётган экан, шундай бир манзарада нефть нархи кўтариляпти: «Дунё бўйича нефть етказиб бериш ишига зарар етказаётган Яқин Шарқдаги кескинлик яна-да кучаяди, деган тахминлар манзарасида чоршанба куни нефть фьючерслари кўтарилди. Ўз навбатида, бу кутилмаганда Америка хом нефть захираларидаги кўтарилишга сабаб бўлди. Brent маркасидаги хом нефть фьючерслари¹ 53 центга ёки 0.7 фоизга ошиб, бир баррел нефть 71.77га чиқди. Американинг WTI хом нефти фьючерслари бир баррели учун 62.02 билан тўхтади ва 24 центга ёки 0.4 фоизга ошди. Сешанба куни Саудия учувчисиз бошқариладиган самолётларнинг иккита нефть иншоотларига зарба берганини маълум қилган пайтда нефть баҳоси бир мунча қўллаб-қувватловга эришди. Бу зарба Бирлашган Араб Амирликлари яқинидаги нефть танкерлари вайрон қилинган амалиётдан икки кун ўтиб юз берди». (Рейтер, 2019 йил 15 май).

Булардан аниқ маълум бўляптики, Америка Эрон билан муносабатини кескинлаштириш орқали нефть баҳосини оширишдан фойда кўрмоқда. У энди ўзининг нефть ишлаб чиқариш ҳажмини оширишга қодир. Нефть баҳоси ошгани сари, АҚШ компаниялари зудлик билан Америкадаги мавжуд нефтдан тасаввур қилиб бўлмайдиган миқдорда ишлаб чиқаришга киришади. Шубҳасиз, Америка айни кескинликни ўзининг нефть компаниялари учун фойда деб ҳисоблайди. Чунки Трамп маъмуриятида ҳамма нарса тижорий манфаат билан ўлчанади.

Иккинчи сабаб, Эрон билан қайта ядровий шартномани имзолаш Эрон бозоридаги АҚШ компанияларига мисли кўрилмаган фойдани олиб келади.

Воқеаларни кузатиб бораётган кишига сир эмаски, Америка Эрон билан очиқ ўйин олиб боряпти ва бундан ўзининг ракета дастури ва минтақадаги нуфузини ўз ичига олган янги ядровий шартнома имзолашни кўзлаган. АҚШ давлат котиби Помпео Ироққа сафар қилиб, бош вазир Абдулмаҳдий билан учрашди. Учрашув тафсилотларидан хабардор бир манбага кўра, «Помпеонинг сўзлари батамом бошқача бўлган, ҳатто унинг оҳангидан Абдулмаҳдий ҳам ҳайрон бўлиб қолган. Гап шундаки, кутилмаганда Помпео Абдулмаҳдийга Эрон учун мактуб бериб, ундан мактубни Эронга етказишни талаб қилади. Мактубда Қўшма Штатларнинг уруш келиб чиқишини истамаётгани, унинг Эрондан ягона истаги у билан қайта ядровий шартнома – Помпеога тегишли шартнома – имзолашни истаётгани айтилади». (Нун пост сайти Британиянинг Middle East Eye сайтига таяниб хабар қилди, 2019 йил 15 май). Трамп ҳам бу мақсадни яширмаяпти: «АҚШ президенти тобора аланга олиб бораётган бўҳронни ҳал этиш учун эронлик раҳбарлар билан учрашмоқчи эканини билдирди. Унинг маъмурияти телефон рақамини швейцарияликларга бериб қўйди, қачон эронликлар музокара бошлашни истаб қолса, шу рақам билан боғланишлари мумкин, деди. АҚШ президенти қуйидаги сўзларни айтди: «Эронликлар менга алоқага чиқса бўлди, шунинг ўзи етарли… Кейин бир столга ўтириб, одилона шартнома имзолашимиз мумкин. Биз Эронга озор етишини истамаймиз», «Мен уларни кучли ва буюк бўлишларини, буюк иқтисод соҳибларига айланишларини истайман. Бироқ улар алоқага чиқишлари керак. Алоқага чиқишса, биз улар билан музокара қилишга тайёрмиз». Оқ уй Эронда Вашингтон билан музокара қилиш истаги туғилса, дея швейцарияликларга ўзининг телефон рақамини бериб қўйди. Бунинг боиси, швейцарияликлар АҚШ ва Эрон дипломатик муносабатларига воситачилик қилишади». (CNN Арабий, 2019 йил 11 май). RT ҳам 2019 йил 15 май куни АҚШ раҳбари Трампнинг «Мен Эроннинг яқинда музокарага ўтиришига аминман», деган сўзларини хабар қилди. Худди шу мазмунда Эроннинг Ислоҳотчиларга яқин бўлган Интихоб сайти ҳам сешанба куни Уммон ташқи ишлар вазири Юсуф ибн Алавийнинг пойтахт Теҳрон сафаридан кўзланган мақсадларига тўхталиб, 2019 йил 21 май кунги баёнотида «Алавийнинг сафаридан мақсад, АҚШ ва Эрон ўртасида воситачилик қилиш ҳамда АҚШнинг Бағдоддаги элчихонасининг нишонга олиниши ҳодисасини ҳамда минтақадаги бошқа воқеалар мавзусини маҳокама қилишдан иборат», деди. Сайт яна «уммонлик вазир Юсуф Алавий Тэҳронга қилган кутилмаган сафари чоғида ўзи билан АҚШ президенти Дональд Трампнинг мактубини келтирди», дея қўшимча қилди, аммо тафсилотларни очиқламади.

Учинчи сабаб. Бу энг муҳим сабаб бўлиб, шундан иборатки, АҚШ-Араб коалициясини тузиб, кучга кирган пайтда унга яҳуд вужудини ҳам қўшиш.

Американинг ҳам минтақавий сиёсати, ҳам регионал позициялар ортидаги мақсадларига чуқур назар ташлаш шуни кўрсатадики, уни Эрон билан муносабатларни кескинлаштиришга ундаган сабабларнинг энг муҳими расмий шаклда мана шу коалицияни тузишдир. Яъни, «Исроил»нинг муқаддас Фаластин заминини босиб олишига қарши қаратилган мусулмонлардаги душманликни ҳамда бу вужудни илдизи билан қўпориб ташлаб, Фаластинни қайта Ислом диёрига қўшиш масаласини Эрон билан бўлган минтақадаги мазҳабпарастлик курашига ўзгартиришмоқчи! Бошқача ибора билан айтганда, бу вужудни минтақага қориштирмоқчи. Бу – Америка билан Британия ўнлаб йиллардан бери амалга оширишга ожизлик қилиб келган масала бўлиб, Америка бугун хоин ҳукмдорлар, хусусан кўрфазлик раҳбарлар ёрдамида уни амалга ошишига умид қиляпти. Чунки бу ҳукмдорлар «Эрон хавфи», деган америкача дастак-баҳона остида яҳуд вужуди билан муносабатларни нормаллаштиришга жонбозлик кўрсатишяпти.

Дарҳақиқат, бу яҳуд вужуди позициясида яққол кўриниб қолди. Кўрфазда таранг вазият вужудга келиши билан яҳуд вужуди бош вазири Нетаньяху бундай деди, у ерда АҚШ элчиси Фридман ҳам бор эди: «Кўпгина араб ва исломий юртлардан иборат қўшниларимиз билан бизнинг ўртамизда янги муносабатлар ривожи ва ютуғи мавжуд». Нетаньяху яна «Биз Эрон хавфига чек қўйиш учун бирлашдик», деди. Кейин «Исроил давлати, бошқа минтақа давлатлари, умуман, дунёда тинчлик бўлишини истаган барча давлатлар Эрон хавфига қарши Қўшма Штатлар тарафида туришлари шарт», дея қўшимча қилди. Шунингдек, у «Исроил куч-қудратини ошириш ва АҚШ билан бўлган муҳим коалицияни давом эттириш зарурлигини таъкидлади». (RT, 2019 йил 14 май). Яҳуд вужудининг араб ва «исломий» юртлар билан биргаликда Эрон хавфига қарши Қўшма Штатлар томонида туриши шуни кўрсатадики, демак, Америка-Эрон ўртасидаги кескинликдан АҚШ етакчилигида Эронга қарши регионал коалиция пайдо қилиш ва унга яҳуд вужудини ҳам қўшиш кўзланган. Шу билан бирга, кескинликни келтириб чиқариш ва кескин баёнотлар ҳамда Фужайра ва Арамко иншоотларида олиб борилган айрим ҳарбий амалиётлар НАТОнинг регионал сценарийси бўлиб, бу сценарий ҳануз давом этмоқда. Сценарий муқаддималаридан бири 2019 йил 6 апрел душанба куни АҚШ-Араб учрашувига Риёзнинг мезбонлик қилиши ва унда Қатарнинг иштирок этиши бўлди. Бу учрашувдан ахборот воситаларида «Араб НАТО»си, дейилаётган «Яқин Шарқ стратегик коалиция»сини тузишга замин тайёрлаш кўзланган. Саудия ахборот агентлиги хабарига кўра, учрашув «Саудия Арабистони, Америка Қўшма Штатлари, Бирлашган Араб Амирликлари, Баҳрайн, Кувайт, Уммон, Қатар, Иорданиядан иборат давлатларнинг Олий даражадаги ҳамкорлиги»да бўлиб ўтди. Хабарда айтилишича, учрашув «ушбу коалицияни бошлаш сари ташланган муҳим қадам ҳисобланиб, ундан минтақа ва бутун дунёда хавфсизлик ва барқарорликни мустаҳкамлаш мақсад қилинган». (RT, 2019 йил 10 апрел). Демак, айни ҳарбий коалицияни тузиш амалиёти ғоят қизғин кетмоқда. Яҳуд вужуди арабий ва «исломий» давлатлар билан Эронга қарши ҳамкорлик қилаётганидан мамнун. Унинг мамнунлиги маъноси Американинг айни ҳукмдорлар билан олиб бораётган ҳамкорлигида яҳуд вужудининг ҳам қатнашишини англатади. Фақат бу ҳақда эълон қилинмади, холос. Афтидан, бу нарса Америка тинчлик режасини амалга оширганидан кейин эълон қилинадиган кўринади. Зотан, тинчлик режасининг асосий бандида Кўрфаз ҳукмдорларининг яҳуд вужуди билан алоқаларни нормаллаштириши айтилган.

Хулоса:

1 – АҚШ ва Эрон ўртасида тангликни пайдо қилиб, вазиятни кескинлаштириш бу икки давлат ўртасида катта уруш бошланишини англатмайди. Балки, бу нарсадан юқоридаги учта сабабни амалга ошириш кўзланганининг эҳтимоли кучлидир. Бироқ икки давлат обрўсини ҳимоя қилиш учун қисқа вақт забарлар йўлланиши эҳтимоли ҳам йўқ эмас. Чунки ҳар ҳолда, иккала давлат кескин хатти-ҳаракатлар қилди, таҳдидли, кучли ва кескин баёнотлар беришди, йўналишларини ўзгартиришди!!

2 – Масаланинг аламли ери шундаки, Америка ўз баёнотлари ва таҳдидлари билан мақсадини яширмаяпти. Аммо юртларимиздаги, айниқса, Кўрфаздаги анави ҳукмдорлар эса, Американинг такаббурлигини, минтақадаги зўравонлигини оқлашяпти, гўё кўр, кар ва соқовлардек туришибди. Бу билан дунё-ю охиратларини бой беришади. Аллоҳ бундай дея ҳақ-рост сўзлади:

﴿وَمَنْ كَانَ فِي هَذِهِ أَعْمَى فَهُوَ فِي الْآخِرَةِ أَعْمَى وَأَضَلُّ سَبِيلاً

«Кимки, бу дунёда кўр-гумроҳ экан, бас, у охиратда ҳам кўр ва бутунлай йўлдан озгувчидир» [Исро 72]

                                                                              19 рамазон 1440ҳ

                                                                                     24 май 2019м

¹ Шартнома тузиш вақтида харидор харид қилиш мажбуриятини олган молиявий битим. Бунда сотувчи моддий активни (моддий товар ёки молиявий воситани) белгиланган муддат давомида белгиланган нархда сотишга мажбур бўлади.

Total Views: 742 ,

Добавить комментарий

“Исроил” турмаларида 250 нафар вояга етмаган фаластинлик сақланмоқда

“Исроил” турмаларида 250 нафар вояга етмаган фаластинлик сақланмоқда Иордан дарёсининг...

Закрыть