Америка билан Хитой ўртасидаги савдо битими

بِسْمِ اللهِ الرَّحْمٰنِ الرَّحِيمِ

Саволга жавоб

Америка билан Хитой ўртасидаги савдо битими

Савол:

АҚШ президентининг айтишича, «Хитой билан савдо шартномасининг биринчи босқичи бўйича келишув 15 январдан, яъни ўтган ой эълон қилинган санадан «кўп ўтмай» имзоланади. У қўшимча қилиб бундай деди: бир неча ойлардан бери дунёнинг икки йирик иқтисоди ўртасида бўлаётган ҳамда бозорлар нотинчлигига олиб келиб, глобал ўсишга таъсир кўрсатган савдо урушини тўхтатиш ҳаракатлари доирасида, мен Хитой билан имзоланадиган шартноманинг иккинчи босқичини президентлик сайловларидан сўнг тамомлашни истайман…». (Баввабатул Айн, 2020 йил 10 январ). Хитой савдо вазирлиги ҳам буни расмий равишда тасдиқлади: «Бош вазир ўринбосари Лю савдо шартномасининг биринчи босқичи бўйича келишувни имзолаш учун Вашингтонга боради. Бу – савдо шартномаси бўйича Хитой томонидан имзоланган биринчи расмий тасдиқлаш баённомаси ҳисобланади. Бундан олдин Трамп битим имзолангандан кейин иккинчи босқичдаги музокараларни бошлаш учун Пекинга боражагини айтган эди». (Trade Captain, 2020 йил 10 январ). Бу – Америка билан Хитой ўртасидаги савдо бўйича тарангликнинг тугаганини англатадими?

Жавоб:

Ушбу саволларга жавоб беришдан олдин, шунингдек, Америка билан Хитой ўртасидаги савдо урушининг аслини тушуниб олиш учун қуйидагиларни баён қилиб ўтамиз:

Биринчи: масаланинг келиб чиқиши:

Американинг Хитойга нисбатан сиёсатини кузатиб борган киши шунга гувоҳ бўладики, Америка ҳар доим Евроосиё (Европа ва Осиё)да устун бўлишга интилиб, Хитойнинг олға силжишига йўл бермай келади. Бунинг боиси шундаки, Евроосиё нозик минтақа. Шу боис, Америка ўзининг ташқи сиёсатида у ердаги ҳукмронлигини таъминлаш учун алоҳида кучли сиёсат ишлаб чиққан ва бу сиёсати бугунги кунгача АҚШ муассасалари манфаатига хизмат қилиб келмоқда. 1991 йилда Совет Иттифоқи парчалангач, Америкадаги сиёсий доира Хитойга нисбатан АҚШ сиёсатини белгилашда асосан икки қисмга бўлинди:

Биринчиси Хитойни Америка бошчилигидаги халқаро тизимда манфаатдор ва жавобгар давлатга айлантириш учун уни шерик қилиш ёки у билан ҳамкорлик қилиш бўйича ҳаракат қилиш лозим, деб тушунди.

Иккинчиси Хитойнинг ниятларига ишонмасликни ҳамда унинг Ғарбдаги Америка бошчилигидаги халқаро тизимга қарши курашувчи рақиб эканини кўздан қочирмасликни таъкидлади.

Тўқсонинчи йиллар ўртасида АҚШ ташқи сиёсат муассасалари Хитойни рақобатбардош куч сифатида баҳолашга қарор қилиб, Хитойнинг юксалишини чеклаш сиёсатини қабул қилди. Масалан, Клинтон ва Обаманинг сиёсий маъмуриятида Хитой сиёсатига нисбатан жиловлаш сиёсати қўлланди. Кичик Буш ва Трамп даврига келиб, Республикачилар маъмурияти Хитойни жиловлашда янада агрессив сиёсат олиб борди. Трамп Хитойга қарши очиқ-ойдин савдо урушига сафарбарлик эълон қилди». (Financial Times).

Американинг Хитойни жиловлаш сиёсати асосан икки мақсадга қаратилган: биринчиси – Хитойнинг минтақавий қудрат сифатида ўсишига йўл қўймаслик; Иккинчиси – Ғарбга хос халқаро тизимнинг бирор жиҳати Хитой томонидан ўзгартирилишини олдини олиш. Ушбу мақсадларни амалга ошириш учун Қўшма Штатлар бир неча чора-тадбирларни қабул қилди. Жумладан:

«Хитойнинг Тибет, Шарқий Туркистон, Гонконгда инсон ҳуқуқларини бузаётганлиги масаласини қўзғаш…

Хитойни Шимолий Кореянинг ядровий кризиси билан ҳамда Жанубий Хитой денгизидаги минтақавий низолар билан банд қилиб қўйиш…

Хитойнинг ҳарбий интилишлари ва Осиё-Тинч океани минтақасидаги ўсишини чеклашда Ҳиндистон, Япония ва Австралиядан фойдаланиш…

Хитойнинг энг янги технологияларни қўлга киритишига ҳамда (битта камар ва битта йўл) ташаббусига тўсқинлик қилиш…».

Дарҳақиқат, АҚШ сиёсий муассасалари Хитойнинг ҳарбий интилишларини тўхтатиш учун – баъзи чораларга озроқ ўзгартириш киритиш билан – жиловлаш сиёсати бўйича юриб келди. Шунга қарамай, 2008 йилдаги глобал молиявий кризисдан сўнг, шунингдек, АҚШнинг Афғонистон ва Ироққа уруши ортидан Қўшма Штатлар Хитойни жиловлаш сиёсати етарли даражада бўлмаётганини тушуниб етди ва уни янада мустаҳкамлашга киришди. Обаманинг «Осиё стратегияси», деб аталган стратегияси Американинг ҳарбий техника ва аскарларини Европадан Осиё ва Тинч океанига кўчиришга, кейин Хитойнинг ҳарбий имкониятига қарши туришга қаратилган. Шундан сўнг Трамп тўғридан-тўғри Хитой иқтисодиётини нишонга ола бошлади ва унинг маъмурияти Хитойни «валюта манипуляциячиси», дея сифатлаб, Пекинга қарши савдо урушини бошлади. У Хитойни халқаро стандартларга асосланган тизим бўйича ушлаб туришга қаттиқ ҳаракат қилди. (Би-Би-Си).

Иккинчи: Америка билан Хитой ўртасидаги савдо уруши:

Юқорида айтганимиздек, Америка Хитойнинг юксалишига чек қўйиш учун унга қарши савдо урушини бошлади. Шундан сўнг бу икки иқтисодий қудрат ўртасидаги айни уруш савдодаги номутаносиблик туфайли тезлашиб кетди. Зеро, АҚШ Хитойдан 558 миллиард долларлик товар ва хизматларни импорт қилади ва бунинг эвазига Хитой 179 миллиард долларлик товар ва хизматларни АҚШдан импорт қилади. (АҚШ савдо ваколатхонаси). Бироқ, сўнгги пайтларда ҳар икки давлат ҳам биринчи навбатда ўз манфаатларини қўлга киритишлари учун ўрталарида яқинлашув кузатилмоқда!

Сўнгги ойларда Қўшма Штатлар Хитой билан қисман савдо шартномасини имзолашга муваффақ бўлди. «Ўтган йилдан буён дунёдаги икки йирик иқтисод ўртасида давом этган савдо урушига чек қўйилди. Трамп илгари савдо шартномасининг биринчи босқичи кенг қамровли шартноманинг олтмиш фоизини ташкил қилишини маълум қилган эди. Тахминларга кўра, бу шартнома Хитой товарларига белгиланган бож тарифлари пасайтирилиши эвазига Хитойга Американинг қишлоқ хўжалик маҳсулотларидан кўпроқ сотиб олиш мажбуриятини юклайди». (Арабий Жадид, 2020 йил 5 январ). Арабийя нет ҳам 2019 йил 15 декабрда бундай хабар тарқатган: «Дунёнинг икки йирик иқтисоди ўртасида 21 ой давом этган савдо урушидан сўнг, Қўшма Штатлар Хитой билан Савдо шартномасининг биринчи босқичига эришишга муваффақ бўлди. Аммо унга келаётган январ ойидан олдин имзо чекилмайди. Ушбу шартномага кўра, Қўшма Штатлар Хитойдан импорт қиладиган 120 миллиард долларлик товарлари учун белгиланган 15 фоизлик тўловнинг ярмини олиб ташлайди. Аммо 250 миллиард долларлик Хитой товарлари учун белгиланган 25 фоизлик тарифларни эса, амалда сақлаб қолади. Шунингдек, 160 миллиард долларлик Хитой маҳсулотларига нисбатан 15 % бўлган янги тўловларни қўллашни кечиктиради. Зеро, бу тўловлар ўйинчоқ ва смартфонларни ўз ичига олиб, бугун кучга кириши кутилаётган эди. Пекин ҳам кейинги икки йил ичида камида 200 миллиард доллар миқдорида қўшимча АҚШ товарлари ва хизматларини импорт қилишга рози бўлди. Шунингдек, АҚШдан импорт қиладиган баъзи товарларга бугун кучга кириши керак бўлган қўшимча тўловларни тўхтатадиган бўлди. Бу – АҚШ автомобилларига 25 %, автомобил эҳтиёт қисмларига эса, 5 фоиз қўшимча бож тўловидан иборат эди. Хитой АҚШнинг 125 миллиард долларга яқин қийматдаги маҳсулотига божхона тўловларини тўхтатишни давом эттиришни билдирди. Бунга қўшимча, Хитой Қўшма Штатлардан қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сотиб олишни йилига 50 миллиард долларгача оширишга ваъда берди». Дарҳақиқат, Трамп қишлоқ хўжалик маҳсулотлари экспорти учун тинмай ўсиб турадиган бозорни топишга интилиб келди. Чунки у бу йил (2020 йил)ги умумий сайловларда қатнашмоқда. Шу боис катта қарздор деҳқонларнинг овозини йўқотишни истамайди. Чунки экспорт бозорлари етарли эмас. Бундан олдин Баён Ньюз веб-сайтида қуйидаги хабар келган: «Жума куни оқшомда Хитой савдо вазирлиги айни савдо шартномасининг ўзаро тенглик ва ҳурмат тамойилларига асосланганини маълум қилди. Вазирликка кўра, шартнома «муқаддима», «интеллектуал мулк ҳуқуқлари», «технология», «озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалик маҳсулотлари», «молиявий хизматлар», «валюта курси ва шаффофлик», «баҳоларни икки томонлама белгилаш», «келишмовчиликларни ҳал этиш» ва «якуний масалалар»дан иборат тўққизта пунктдан иборат». (Баён Ньюз, 2019 йил 13 декабр).

Лекин савдо урушига оид бу келишувлар икки давлат ўртасидаги иқтисодий тарангликнинг тугашини англатмайди. Чунки савдо уруши Американинг Хитойни назорат остига олишга ундаган ҳақиқий сабаб эмас. Балки бунинг ортида анча жиддий ҳамда АҚШ иқтисодиётига ва биринчи навбатда халқаро иқтисодиётга хавф соладиган хатарли нарса бор. Гап шундаки, Хитой симсиз алоқанинг янги авлоди бўлган бешинчи авлод технологияси бўйича етакчи давлат ҳисобланади. Энг муҳими, ушбу бешинчи авлод технологияси сунъий ақлга эришишнинг дебочасидир. Инновацион мудофаа кенгаши ҳамда Эрик Шмидт (у «Alphabet» компаниясининг собиқ раҳбаридир), «LinkedIn» веб-сайтининг асосчиси Рид Хоффман ва «Aspen» институти собиқ ижроий директори ёзувчи Уолтер Айзексон бундай дейишади: «Бешинчи авлод (5G) устидан назорат ўрнатган томон кейинги ўн йиллик ичида юзлаб миллиард доллар даромад топиши ҳамда симсиз технологиялар соҳасида кенг имкониятларга эга бўлиши кутилади. Бешинчи авлод (5G)га эга давлат кўплаб инновация-кашфиётларни қўлга киритишга ва дунёнинг қолган қисми учун стандартларни белгилаб беришга муваффақ бўлади. Ҳозирда бу давлатнинг Қўшма Штатлар бўлиши даргумон». (ZDNet веб-сайти).

Маълумки, бешинчи авлод (5G) жуда тездир. Масалан, «Тадқиқотчиларнинг маълум қилишларича, (5G) технологияси орқали алоқа тезлиги синаб кўрилганда, рекорд даражага, яъни, секундига бир тирабайтга етган. Унутмаслик лозимки, бу тезлик ҳозирги пайтдаги тезликдан 200 баробар кўпдир. Британиянинг Суррей университетидаги бешинчи авлод тармоғини ривожлантириш маркази томонидан ўтказилган синовларга кўра, узун фильмларнинг ҳажмидан 100 марта катта бўлган файлни 3 сония ичида юклаш мумкин. Бу янги тезлик 4G тармоқларидаги юклаб олишнинг ўртача тезлигидан қарийб 65 минг марта юқоридир. Бу йил интернетга уланган қурилмалар сони 50 миллиарддан 100 миллиардга кўпайиши кутилмоқда. Шу сабабли, интернетга уланиш йўлида ушбу кенг талабни қондириш учун янги ва турли хил частоталар диапазонларини қўлга киритиш лозим. (5G)нинг техник жиҳатдан қандай ишлашига келсак, ҳозирда «MIMO» (кўп кириш ва кўп чиқиш), деб номланган технология мавжуд бўлиб, у (5G) тармоқларининг ишлашида ва уларнинг самарадорлиги стандартларида асосий ролни ўйнайди. Шунингдек, унда маълумотлар узатишда индивидуал хизмат кўрсатиш учун бир неча кичик антенналардан фойдаланилади. «Samsung» компанияси маълумотларни юклаб олишнинг ажойиб тезлигини қўлга киритиш учун ушбу технологияни қўллаган…». (Ал-Араб, 2017 йил 13 август).

2017 йил Эрик Шмидт Жаҳон иқтисодий форумида «Хитой яқин орада илғор сунъий ақл (AI)ни ривожлантириш бўйича АҚШни ортда қолдиради», деди». (Жаҳон иқтисодий форуми). Сунъий ақл қуйидагиларда яққол кўринади:

Мижознинг муаммоларини тезроқ тушуниш ва янада самарали жавоб бериш учун сунъий ақл ёрдамида суҳбат олиб борувчи роботлардан фойдаланилганда;

Сунъий ақлни ишлаб чиқарувчилар жадвал тузишни такомиллаштириш учун маълумотларни улкан маълумотлар тўпламидан саралаб олишда ундан фойдаланганларида.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, келаси бир неча йилда сунъий ақлга нисбатан қизиқиш янада ортиб, инвестициялар ётқизилади. «Deloitte» компанияси ҳисоб-китобларига кўра эса, 2021 йилга келиб, сунъий ақл ва машиналарни ўрганишга 57.6 миллиард доллар сарфланади. Бу 2017 йилга нисбатан беш баробар кўп.

Трампнинг (5G) ишлаб чиқарувчи «Huawei» компаниясига очиқдан-очиқ қарши чиқиши кутилмаган ҳол эмас. У айни Хитой компаниясининг хавф туғдириши ҳақида бир неча бор баёнот берди. Масалан, НАТОнинг навбатдаги саммитида «Huawei» ҳақида тўхталиб, «Менимча, бу хавфсизликка таҳдид, хавфсизликка таҳдид», деди. (Бизнес инсайдер). Шу сабабдан Италия, Англия, Германия сингари бир қанча Ғарб давлатларида бешинчи авлод (5G) тармоғини жадаллаштириш ёки бозорга олиб чиқишдан «Huawei»ни узоқлаштириш учун Қўшма Штатлар бу давлатларга босим ўтказди. Буларнинг барчаси хавфсизлик бузилмоқда, деган сохта баҳоналар билан амалга оширилмоқда. Шунингдек, у Канададан «Huawei» компаниясининг молиявий директори Мэн Ваньчжоуни АҚШнинг Эронга қўйган санкцияларини бузганлик айби билан қамоққа олишни талаб қилди. Яъни, Америка Хитойнинг (5G) тармоғига тақиқ қўйилишидан манфаатдор. Трамп шунингдек, Хитойга компьютер чипларни сотишни тақиқлаган.

Хитойнинг 2025 йил режасига мувофиқ, хитойликлар технология соҳасида мустақил бўлишга анчадан бери ҳаракат қилишмоқда. Бироқ, америкаликларнинг «Huawei» ва бошқа Хитой компанияларига нисбатан муносабати Хитойнинг асосий технологияларда тўлиқ мустақилликка эришиш борасидаги саъй-ҳаракатларини тезлаштириб юборди. Хитойликлар ўзларининг операцион системасини 2022 йил кириши билан ишга туширишни режалаштиришаётгани тўғрисида маълум қилиб, «IBM», «Microsoft», «Dell» ва бошқа Америка компаниялари олдида эшиклар ёпиб қўйди. Бундан ташқари, Хитой ўзининг компьютер чипларини ишлаб чиқаришни ҳам режалаштирмоқда. У шу соҳадаги минглаб тайванлик муҳандисларга бир неча баробар ойлик тайинлаб, яқин йиллар ичида Хитойга кўчиб келишларини таъминлади. Америкалик таҳлилчилар тахминига кўра, 5-7 йил орасида Хитой компьютер чипи саноатида мустақил бўла олади. Мана шундай тадбир-чоралар қўллаш билан Пекин сунъий ақлнинг янги иқтисодиётидан катта даромад олади.

Америка Хитойнинг (5G) ва (AI) тизимида етакчилик қилиш имкониятини чеклаш учун бор имкониятини сарфламоқда. Чунки ушбу технология худди буғли ва электродвигатель ҳамда кремний чип технологияси каби ғоят муҳим ҳисобланади. Зеро, бу технологиялар ишлаб чиқариш ва иқтисодий ўсиш учун мотор вазифасини ўтайди. Шундай қилиб, ҳозирги савдо уруши фақатгина АҚШ-Хитой ўртасидаги савдо балансига қаратилган савдо уруши эмас. Балки, ундан ҳам каттароқ нарсалар устидаги, яъни, технологик, хусусан, (5G) урушидир. Мавжуд маълумотларга кўра, дунёда икки қутбли технологик тизим вужудга келиши мумкин. Биринчи қутбда АҚШ етакчилигидаги Ғарб, иккинчисида Хитой билан дунёнинг қолган қисми бўлади. Агар Хитойнинг технологик тизими Евроосиё устидан ҳукмронлик қиладиган бўлса, Хитойнинг айни соҳада АҚШ устуворлигига нисбатан таҳдид солиш эҳтимоли янада ортади.

Шунинг учун гарчи Трамп «ўз маъмуриятининг тез орада АҚШ билан Хитой ўртасидаги савдо шартномасининг иккинчи босқичи бўйича музокараларни бошлашини, бироқ, у ҳар қандай келишувнинг якунланишини келаси йил ноябрда бўлиб ўтадиган АҚШ президентлик сайловидан кейин кутиб қолишини», айтганидек (Баввобатул айн, 2020 йил 10 январ), барча босқичлари бўйича келишув имзоланган тақдирда ҳам, бу нарса жангчининг бир оз нафасни ростлаб оладиган танаффуси каби бўлади, холос. Ундан нарига ўтмайди, айниқса, (5G) технологияси масаласида. Чунки Америка Хитой билан тенг бўлишга рози бўлмайди. Ҳатто тенг бўлишга Хитой рози бўлган тақдирда ҳам, Американинг такаббурлиги буни қабул қилмайди!

17 сафар 1441ҳ

12 январ 2020м

Total Views: 400 ,

Добавить комментарий

Илҳом Неъматов: Ўзбекистоннинг ЕОИИ ва ЖСТ ташкилотларга аъзо бўлиши масаласи устида катта гуруҳ ишламоқда

Илҳом Неъматов: Ўзбекистоннинг ЕОИИ ва ЖСТ ташкилотларга аъзо бўлиши масаласи...

Закрыть