Ҳалоиб Мисрга ҳам, Суданга ҳам тегишли эмас, балки у исломий заминдир

بِسْـــمِ اللهِ الرَّحْمٰـــنِ الرَّحِيـــم

Роя газетаси:

Ҳалоиб Мисрга ҳам, Суданга ҳам тегишли эмас, балки у исломий заминдир

Умму Аввоб хоним қаламига мансуб

«Мада» ижтимоий тадқиқотлар маркази «Ҳалоиб ҳужжат ва шартномалар бўйича Суданга тегишли» деган мавзуда семинар уюштирди. Семинарда сўзлаган Суданлик экспертларнинг айтишича, «хариталар, халқаро ҳужжат ва қонунлар Ҳалоибнинг Суданга тегишли» эканини кўрсатмоқда ҳамда «Ҳалоиб ери ва унинг халқи Суданнинг ажралмас бир қисми» дея Судан айтиб келган сўзни тасдиқламоқда. Уларга кўра, хариталар, халқаро ҳужжат ва қонунлар Миср билан Судан ўртасида баҳсли ҳудуд ҳисобланган Ҳалоиб билан Шалотайн шаҳарлари Суданга мансублигини тасдиқлайди. Экспертлар Ҳалоиб аҳлининг тазйиқларга учраётганини, у ердан кириш-чиқиш чоғидаги чора-тадбирлар кучайтирилганини, мисрлаштириш ва Суданга мансуб ўзликларни (хусусиятларни) ўчириш уринишларини қораладилар. (Шуруқ тармоғи, 2018 йил 13 январ).

Аммо чегара низосига доир шундай ҳақиқатлар борки, улар ҳужжатлар билан аниқ бўлмайди. Зеро, мустамлакачилар ёзган ва у орқали хизмат вазифаси белгиланган давлатчаларни яратган бу ҳужжатлар мустамлакачиларнинг ҳаёт ҳақидаги қарашларини ифодалайди, ўшаларнинг мақсад ва манфаатларини рўёбга чиқаради. Бу мустамлакачи капиталистлар, Макиавеллининг «ғоя воситани оқлайди», деган назариясини амалда татбиқ этиш учун ҳақиқатларни бўяб кўрсатиб, бизни шунга ўргатиб-кўниктирди. Улар мана шу назарияни ўзларига дастак қилиб, бошқаларнинг юртларини босиб олишни ва бойликларини талон-тарож қилишни обод этиш, деб аташди. Масалан, АҚШ Ироқ билан Афғонистонга қилган урушини эркинлик ва демократия билан таъминлаш йўлидаги уруш, деб атади. Аммо воқеда айни минтақаларни эрадан олдинги аҳволга қайтарди. Шунинг учун ҳақиқат ва ҳужжатларни бутунлай бўяб талқин қилиш асл табиатига айланган кимсалардан ҳақиқат излаш ақлсизликдир.

Исломий юртлар ўртасидаги сунъий чегаралар масаласига оид асосий ҳақиқат шуки, чегараларни 1916 йил мустамлакачилар – Британия билан Франция – демаркация қилишди (чегарани аниқлаб беришди). Ривожланаётган мустамлакачи давлатларнинг тартиб-қоидалари доирасида амалга оширилган бу ишдан, Сайкс-Пико битими асосида, Усмоний Халифалик давлати мулкларини тақсимлаб олиш мақсад қилинган эди. 1917 йилдаги коммунистик инқилобда рус императори Николай II тахтдан ағдарилгач, Владимир Ильич Ленин раҳбарлигидаги коммунистлар, ҳукумат архивидан мазкур битим нусхасини топиб олиб, буюк давлатларнинг Усмонийлар салтанатига кўз олайтираётганини фош этиш мақсадида, уни матбуотда нашр қилди. Аммо бу Сан-Ремо конференциясини ўтказишга тўсиқ бўла олмади. Зеро, бу конференция ҳам Марк Сайкс билан Жорж Пиколарнинг исломий юртларни тақсимлаб олиш фикрларига мос конференция бўлган эди.

Энг асосий ҳақиқат шуки, чегараларни демаркация қилишдан бирдан-бир мақсад, куч-қудрати кетган ва бирлигини йўқотган мусулмонларнинг юртларини бўлиш бўлди. Мустамлакачи давлатлар бу билан мусулмонлар бирлигига буткул якун ясаб, ҳаммалари устидан «бўлиб ташла, ҳукмрон бўласан» қоидаси асосида ҳукмрон бўлишга муваффақ бўлишди, шу орқали чегараларни ўз назоратларига олишди, бўлинган давлатчалар ўртасига ҳар дафъада портлаш хавфи бўлган вақтинчалик миналар кўмишди…

Афсуски, исломий юртлардаги мавжуд режимлар, ўтган шу юзлаб йиллар мобайнида бу бомбаларни йўқ қилишмади. Аксинча, ҳар қандай вақт портлаши мумкин бўлган ҳолатни сақлаб қолишга чиранишди. Чунки улар ўзларининг айни сохта чегараларини қўриқлашга ўч эди. Ҳолбуки, уларни мустамлакачилар ўрнатиб, баъзиларини қасддан демаркация қилмасдан қолдиришганди… Мана шу демаркациясиз қолдирилган чегаралардан бири Миср билан Судан ўртасидаги Ҳалоибдир. Шунингдек, Эрон билан Бирлашган Амирликлар ўртасидаги Тунб кубро билан Тунб суғро ҳамда Яман ва Саудия… каби давлатлар ўртасидаги бошқа баҳсли ҳудудлар ҳам шулар жумласидандир. Буларнинг барчасини демаркациясиз қолдиришдан мақсад, айни юртларнинг бир-бирлари билан доимий низолашиб, амалда уруш қилиб туриши ҳамда ўртасидаги муносабатлари доим ёмон ҳолатда бўлишидир.

Бундай чегара низоларида томонларнинг ҳар бири ўз ҳужжат ва хариталарига эга бўлади, қасддан ҳар хил даврларда тузилган бу ҳужжатлар ўртадаги вазиятни баттар таранглаштириб, ечимга эришишни қийинлаштиради. Чунки иккала тараф ҳам ўз фикрини маҳкам ушлаб олган бўлиб, ҳужжат ва хариталар ҳам бир-биридан фарқ қилади. Бу нарса – чегаралар аслида кимга тегишли эканини ҳал этиб бериш учун мустамлакачи давлатларга мурожаат қилишга сабаб бўлади… Бу эса, эски мустамлакачилик устига яна бир мустамлакачиликдир ёки чегара тузиш мустамлакасининг давом этишидир.

Ўз-ўзидан савол пайдо бўлади: Чегараларни демаркация қилишда бу халқаро ҳужжатлар қанчалар қонуний ва қанчалар ишончли?! Қачондан бери мустамлакачи ҳақиқатни аниқлаб берувчи манба бўлиб қолди?! Исломий юртлар ўртасидаги бу чегаралар ҳақиқатини англамоқ учун ўзимизда бошқа ишончли ҳужжат-манба йўқми, ахир, мусулмонмиз-ку?! Британия тилидан Уинстон Черчилль «Мана, ортимиздан икки юз йилгача давом этадиган оқибатларни қолдирдик», дея бир қадар роҳатланган экан. Бу фирибгарнинг гапи тўғри. Мана, бугунгача чегаралар ва уларнинг муаммолари устида вақти-вақти билан уруш оловлари келиб чиқмоқда ва бу аҳвол ҳақиқий ечимга эришилмагунча шундай қолади. Ҳақиқий ечим эса, исломий юртларни мустамлакачилар тортган мана шу лаънати чегаралар тўридан озод этишдир. Зеро, биз қаттиқ туриб, амал қилаётганимиз ечим ҳам мана шу. Масалан, анави мустамлакачи Италия Каталония штатини ўзига бирлашган ва қоришган ҳолда ушлаб туришга уриниб, унинг бўлиниб чиқиши билан боғлиқ референдумни кескин бекор қилди.

Келинг, Миср билан Судан ўртасидаги Ҳалоиб учлиги борасидаги низонинг асл илдизини ўрганайлик: 1958 йилдан бери икки томон ҳам турли маъданларга бой, балиқчиликка ихтисослашган ушбу чегара учлигига ҳақли эканини таъкидлаб келади. Майдони 20.850 квадрат километрни ташкил қилувчи бу учлик, Қизил денгизнинг Судан томонидан шимолий шарқида жойлашган бўлиб, учта йирик шаҳар: Абу Рамод, Шалатайн ва Ҳалоибни ўз ичига олади. Миср, 1899 йил Англо-Миср икки томонлама бошқарув битими тақозосига кўра, учликни ўзининг ери, деб ҳисоблайди. Чунки шу битим орқали Британия билан Миср Суданни мустамлака қилиш ва бошқаришни бўлишиб олишган. Айни битим асосида Миср-Судан чегаралари демаркация қилиниб, шимолий 22-кенгликда жойлашган ҳамма ерлар Мисрники, деб ҳисобланган. Аммо Судан айни демаркацияни рад этмоқда.

Шундан сўнг Британия чегаралар демаркациясини қайта ишлаб чиқди ва суданлик қабилаларнинг Миср чегаралари ичида яшаётганини кўргач, ва бу қабилалар норозилик билдирганидан сўнг 1902 йил Ҳалоиб учлигини Судан таркибига қўшди. Шу билан ушбу учлик Судан таркибига киритилди. Бироқ, Миср бу нарсани «Маъмурий бўлинма линияси», деб атаб, тан олмади. 1956 йилда янги сиёсий вужуд-Судан туғилди ва Ҳалоиб баҳсли зонага айланди… Миср Ҳалоибнинг дастлаб Суданга қўшилишини, сиёсий эмас, маъмурий бўлган, деб айтади. Судан томони эса, учликка бўлган ўз ҳақдорлигига Британия мустамлакасининг Судан ерларини, шу жумладан, учликни ҳам белгилаганлигини сабаб қилиб келтиради, ўшанда Ҳалоиб сиёсий жиҳатдан қўшилган, маъмурий жиҳатдан эмас, дейди.

Аслида эса, Ҳалоиб учлиги фақат чегара масаласи эмас, балки у босим қилиш воситаси ва жамоатчилик фикрини жалб қилишда ҳар икки давлат фойдаланадиган халқ туйнуги ҳисобланади. Шу билан бирга, бу икки давлат ўртасидаги муносабатларнинг бузилиши ва яхшиланишини ўлчовчи восита ҳамдир. Ўрталаридаги муносабат яхшилангани сари, учлик унутилади, аксинча бўлса, яна авж олади! Шунингдек, бу масала Мисрдаги сиёсатчилар ва матбуот ходимлари қўлидаги ўйин картасидир. Суданга келсак, суданлик мухолафатчилар Башир режимини юрт суверенитетидан воз кечганликда айблаб, унинг Миср томони олиб бораётган мисрлаштириш сиёсатига сукут қилаётганини қоралашади. Бу ёқда эфиопияликлар ҳам Судан жанубий шарқидаги ҳосилдор ерларга бой Қашафа муҳофазасига бурун суқиб келмоқда. Ҳукуматнинг «Судан ерларидан бир қаричидан ҳам воз кечиш йўқ», деган расмий даъвосини эса, воқе ёлғонга чиқармоқда. Чунки у 2011 йилда Судан жанубини бўлиш билан юртнинг учдан бирини бой берди. Миср билан бўлган чегарага оид урушлар, икки давлатни ҳам иқтисодий ва ҳарбий жиҳатдан улкан зиёнга олиб кирди. Лекин миллий диалогда ҳукумат билан мухолафат ўртасида манфаатлар бирлашганда, Ҳалоиб масаласи кўринмай туради!

Ушбу ўзгарувчан воқелик шуни талаб қилмоқдаки, муфаккир ва экспертлар Ҳалоибнинг Суданга ёки Мисрга тегишли эканига ҳужжат келтириш учун мустамлакачиларнинг ҳужжат ва хариталари устида изланиб ўтирмасинлар. Балки улар мусулмонни мусулмон биродаридан бўлиб-ажратиб турган айни чегараларнинг ўзини йўқ қилишлари керак. Ахир, мусулмонларнинг ерлари ҳам, динлари ҳам, Росуллари ҳам битта. Ҳалоиб ҳам исломий хирожий ер, мисрлик ёки суданликнинг яшаши у ерга зиён етказмайди. Бу заминга зиён етказаётган нарса – унинг Ислом билан бошқарилмаётганидир. Мана шу нарса мусулмон бошқа бир мусулмон биродарини ўлдириши учун армиялар сафарбар қилинадиган низони келтириб чиқарди… Натижада, биз бундай бузуқ воқедан юқорироққа назар ташлашни истамаган муфаккир ва зиёлиларнинг мана шу картон давлатчаларни ўлиб-тирилиб ҳимоя қилаётганига гувоҳ бўляпмиз. Улар айни чегара ва тўсиқларни парчалаб ташлаш йўлида фаолият қилиш ўрнига, оддий ва содда одамларни мана шу машъум воқеликка рози қилишга ҳаракат қилишди. Улар одамлар онги ва қалбидан картон давлатчалар қуриш ҳақидаги фикрларни ўчириш ўрнига, Уммат дахлсизлигини ҳимоя қилишга чақирувчи ҳар бир эзгу мафкурага ўзларининг заҳарли реакцион фикрлари билан тўсқинлик қилишди.

Аллоҳ Таоло бундай деган:

﴿وَاعْتَصِمُواْ بِحَبْلِ اللهِ جَمِيعاً وَلاَ تَفَرَّقُواْ وَاذْكُرُواْ نِعْمَتَ اللّهِ عَلَيْكُمْ إِذْ كُنتُمْ أَعْدَاء فَأَلَّفَ بَيْنَ قُلُوبِكُمْ فَأَصْبَحْتُم بِنِعْمَتِهِ إِخْوَاناً وَكُنتُمْ عَلَىَ شَفَا حُفْرَةٍ مِنَ النَّارِ فَأَنقَذَكُم مِنْهَا كَذَلِكَ يُبَيِّنُ اللهُ لَكُمْ آيَاتِهِ لَعَلَّكُمْ تَهْتَدُونَ﴾

«Барчангиз Аллоҳнинг арқонига маҳкам ушлангиз ва бўлинмангиз! Ҳамда Аллоҳнинг сизларга берган неъматини эсланг: бир-бирингизга душман бўлган пайтларингизда дилларингизни ошно қилиб қўйди-ю, сизлар Унинг неъмати сабаб биродарларга айландингиз. Ва дўзах чоҳининг ёқасида турган эдингиз, сизларни ундан халос қилди. Ҳақ йўлни топишингиз учун Аллоҳ сизларга ўз оятларини мана шундай баён қилур»  [Оли Имрон 103]

Дарҳақиқат, Аллоҳ Таоло барча Умматга Ўзининг мустаҳкам арқонини маҳкам ушлашни буюрди. Ибн Ошур роҳимаҳуллоҳ бундай дейди: «Оятдаги «اعتصام» сўзи «عصم» феълидан ва ифтиол бобида бўлиб, сақлайдиган нарсани, яъни ҳимоя қиладиган нарсани излашни англатади. «الحبل» (арқон) сўзи эса, чўкаётган кишининг ёки шунга ўхшаш ҳолатдаги кишининг қутулиш учун кўтариладиган ёки осиладиган нарсасига айтилади. Бундай калом билан мусулмонларнинг бир бўлишлари ва Аллоҳнинг дини, амрлари, аҳдларида ҳаммалари бир хил тушунчада бўлишлари, худди чўкиш ёки қулашдан сақлаб қолиш учун арқон ташланганда уни маҳкам ушлаган жамоа сифатида бўлишлари тамсил этилган. «الحبل» (арқон) сўзининг «الله» (Аллоҳ) сўзига изофа қилингани мана шу тамсилга қаринадир. «جميعا» (барчангиз) сўзи ҳол бўлиб, тамсил истагини қувватламоқда». Қаранг, бу ерда арқонни маҳкам ушлашдан ҳар бир мусулмоннинг якка ҳолда ушбу динни маҳкам ушлаши ирода қилинмаган, балки бутун Умматнинг маҳкам ушлаши кўзда тутилган. Чунки мусулмонлар бирлиги, уларнинг эҳтиёж ёки заруратга қараб танлайдиган стратегик танловлари эмас. Йўқ, мусулмонлар бирлиги ушбу динимизнинг асл-илдизидан, буюк пойдеворларидан биридир. Бу борада эътиборсизлик қилиш, Аллоҳнинг ғазабига сабаб бўлади, дунёю охират азобига гирифтор этади. Аллоҳ Таоло бундай деди:

﴿وَمَا كَانَ لِمُؤْمِنٍ وَلا مُؤْمِنَةٍ إِذَا قَضَى اللهُ وَرَسُولُهُ أَمْراً أَن يَكُونَ لَهُمُ الْخِيَرَةُ مِنْ أَمْرِهِمْ وَمَن يَعْصِ اللهَ وَرَسُولَهُ فَقَدْ ضَلَّ ضَلَالاً مُّبِيناً﴾

«Аллоҳ ва Росули бир ишни ҳукм қилган-буюрган вақтида бирор мўмин ва мўмина учун (Аллоҳни ҳукмини қўйиб) ўз ишларидан ихтиёр қилиш жоиз эмасдир. Ким Аллоҳ ва Росулига осий бўлса, бас у очиқ йўлдан озгандан озибди»   [Аҳзоб 39]

Мудом бу географик чегараларни мустамлакачилар яратган экан, демак, уларни йўқ қилмоққа ҳамма жавобгар. Хусусан, сиёсий партиялар, уламолар ҳамда муфаккир ва зиёлилар дохил қалам, нутқ соҳиблари кўпроқ жавобгар ҳисобланади.

Роя газетасидан олинди

Total Views: 947 ,

Добавить комментарий

Жанубий Корея президенти Пхеньянга икки махсус элчисини жўнатади

Жанубий Корея президенти Пхеньянга икки махсус элчисини жўнатади Жанубий Корея...

Закрыть