АҚШ Россиянинг НАТО бўйича талабларини рад этди

АҚШ Россиянинг НАТО бўйича талабларини рад этди

Женевада ўтказилган хавфсизлик кафолатлари бўйича маслаҳатлашувларда Россия ва АҚШ НАТОнинг шарққа кенгаймаслиги масаласида келишувга эриша олмади. Бу ҳақда Россия ташқи ишлар вазири ўринбосари Сергей Рябков маълум қилди.

Ташқи ишлар вазирининг сўзларига кўра, бу масалада олдинга силжиш бўлмаган. НАТОнинг кенгаймаслиги ва бу борада юридик кафолатлар берилиши мавзуси АҚШнинг жиддий эътирозига сабаб бўлган.

Рябков бу мавзуни альянснинг зарба берувчи воситаларини Россия чегараларида жойлаштирмаслик масаласи каби мамлакат миллий хавфсизлиги учун муҳим деб атади. Унинг айтишича, Россия томони бу талаблардан воз кеча олмайди.

«Аммо Россия қандайдир ультиматумлар қўйиш йўлидан бормоқда деб таъкидлаётганлар мутлақо ноҳақ», — дея қўшимча қилди у.

АҚШ Давлат котиби ўринбосари Венди Шерман эса: “АҚШ Украина чегаралари яқинида қўшин ва ҳарбий техника жойлаштирилиши бўйича Москва билан кейинги музокаралар учун очиқ, агар Россия ҳам бунга рози бўлса”, — дея маълум қилди  Сергей Рябков билан бўлиб ўтган учрашувдан сўнг журналистларга.

Шерманнинг сўзларига кўра, бу масалалар, масалан, чоршанба куни Брюсселда бўлиб ўтадиган НАТО – Россия кенгаши йиғилишида муҳокама этилиши мумкин. Шу билан бирга, АҚШ вакили Россиянинг НАТОни кенгайтирмаслик кафолати ҳақидаги талабларини яна бир бор рад этди.

«Биз ҳар доим альянс учун марказий масала бўлиб келган НАТОнинг очиқ эшиклар сиёсатига ҳеч киминг қарши чиқишига йўл қўймаймиз. Биз АҚШ билан ҳамкорлик қилмоқчи бўлган суверен давлатлар билан икки томонлама ҳамкорликдан воз кечмаймиз ва Украинасиз Украина, Европасиз Европа, НАТОсиз НАТО бўйича қарорлар қабул қилмаймиз» – деди у.

Шунингдек, Шерман Россиянинг Украинага ҳужуми Москва учун жиддий оқибатларга олиб келишини ҳақида яна бир бор огоҳлантирди. 

Ўтган йил декабрда Россия АҚШ билан хавфсизлик кафолатлари тўғрисидаги шартнома ва РФ ҳамда НАТОга аъзо давлатлар хавфсизлигини таъминлаш чоралари тўғрисидаги келишув лойиҳаларини тақдим этганди.

Ҳужжатларда АҚШ НАТОнинг шарқий йўналишда кенгаймаслиги бўйича масъулиятни зиммасига олиши, илгари собиқ СССР таркибида бўлган давлатларни альянсга қабул қилишдан воз кечиши, Украина ҳудудида ҳарбий фаолият олиб бормаслигини талаб қилган.

12 январ куни Россия бу масалани НАТО вакиллари билан муҳокама қилади.

Total Views: 28 ,

Добавить комментарий

Тўқаев  Назарбоев сиёсатини танқид қилди

Тўқаев  Назарбоев сиёсатини танқид қилди “Биринчи Президент - Элбоши туфайли...

Закрыть